COVID -19 касаллиги билан юзма-юз курашаябган қадрли хамкасблар! Бугун дунёнинг барча давлатларида, шу жумладан ҳаммамизга қадрли бўлган ватанимизда ҳам коронавирус инфекциясининг тарқалаётган эпидемияси биз тиббиёт ходимлари олдида синовли даврлар келганидан далолат беради, касбий маҳоратимизни ва фуқаролик жавобгарлигини кўрсатишимизни талаб қилиб, олиб бораётган шарафли ишимизнинг маъсулиятини янада оширади. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси Сизни ҳар кунги ҳаётингиз, оилавий ишларингизни қолдириб, инсонларнинг ҳаётини сақлаб қолиш учун соғлиғингизни ҳам аямай, фидоий бўлиб хизмат қилаётганингизни бошқаларга нисбатан кўпроқ тушунади ва жуда қадрлайди. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси шу оғир кунларда аҳоли саломатлигини сақлашда кечаю-кундуз, ўзини аямай меҳнат қилаётган Вирусология илмий текшириш институти ва бошқа тиббиёт муассасаларнинг ходимлари бутун Ўзбекистон аҳлига Ўзбекистон тиббиёт ходимларининг хақиқий захматкаш, ўз касбига вафодор, ўзларининг соғлиғини, керак бўлса, ҳаётини ҳам аямайдиган инсонлар эканлигини яққол кўрсатишганини фахр билан қайд этади! Шу билан бирга, биз Сизлардан ўз соғлиқларингизни муҳофаза қилишда ҳамма замонавий ҳимоя воситаларидан фойдаланиб, касалликни юқтирмаслик учун барча санитария ва гигиеник қоидаларига жиддий амал қилиб, ўзларингизни эхтиёт қилишларингизни илтимос қиламиз. Биламиз, бу оғир кунлар албатта ўтиб кетади, Оллохдан Сизларга соғ-саломат бўлиб, оилаларингизга эсон-омон қайтишни, доимо халқимиз ардоғида бўлишни тилаб қоламиз. Ўзбекистон врачлар ассоциацияси раиси Зафар Сидиков
|